Ҳукуматнинг 2026 йил 17 сентябрдаги 500-сон қарори билан магистратура босқичида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича янги тартиблар белгиланди. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб магистратура дастурлари икки йўналишда ташкил этилади: 🔹 ишлаб чиқариш (амалий) дастури — камида 1 йил; 🔹 илмий-педагогик дастур — камида 2 йил. Магистратурада таълим кундузги, кечки ёки масофавий шаклда ташкил этилиши мумкин. Ишлаб чиқариш (амалий) йўналишидаги битирувчилар мутахассислик хусусиятидан келиб чиқиб лойиҳа иши, конструкторлик ёки стартап лойиҳаси, рационализаторлик ғояси, амалий-ижодий асар ва бошқа турдаги якуний ишларни ҳимоя қилади. Илмий-педагогик дастур битирувчилари эса магистрлик диссертациясини тайёрлайди. Диссертация дастлабки ҳимояга қадар плагиатга текширилади ва «яширин эксперт тақризи»дан ўтказилади. 📚 Scopus ва Web of Science базаларига киритилган журналларда мақола чоп этган магистратура талабаларини рағбатлантириш ҳам назарда тутилган. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги магистратурада ўқиш муддатини мутахассислик хусусиятидан келиб чиқиб мувофиқлаштириб боради. ❗️Янги тартиб Одил судлов академияси, Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Банк-молия академияси, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, Тошкент давлат юридик университети ҳамда олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотларига татбиқ этилмайди. Манба: Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 сентябрдаги 500-сон қарори. Каналга уланиш👇👇👇